Ригада ўтган "Шарқий ҳамкорлик" саммити якуний декларацияни қабул қилди

Ригада ўтган "Шарқий ҳамкорлик" саммитида иштирок этган Европа Иттифоқи расмийлари ҳамда лойиҳага аъзо давлдат президентлари.

Ригада икки кун давом этган “Шарқий ҳамкорлик” саммитида иштирок этиган томонлар айрим масалаларда турлича нуқтаи назарга эга бўлганига қарамай, жума куни якуний декларацияни қабул қилди.

Аввалроқ Арманистон ва Беларус Қрим аннекция қилингани тўғрисида гап борадиган ҳар қандай декларацияни имзолашдан бош тортишини билдиргани хабар қилинганди. Бироқ томонлар муросага келган ва декларацияда Арманистон ҳамда Белоруснинг Қрим масласидаги алоҳида позицияси ҳам айтиб ўтилган.

Декларацияда Европа Иттифоқи Россия Қримни ва Севостополни ноқонуний равишда ўз ҳудудига қўшиб олган деган нуқтаи назарда собит экани яна бир бор таъкидланган.

Европа кенгаши раиси Дональд Туск саммитдан сўнг журналистларга анжуманда қатнашган барча давлатлар Европа Иттифоқи билан виза режимини юмшатиш масаласида якдил фикрда эканини айтди. Айни пайтда “Шарқий ҳамкорлик” лойиҳасига аъзо бўлган олти давлат орасида фақат Молдовагина Европа Иттифоқи билан визасиз борди-келди қилади.

Европа Иттифоқи томонидан 2009 йилда амалга киритилган “Шарқий ҳамкорлик” лойиҳасига Украина, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Белорус ва Арманистон аъзо бўлган.