Донбассда айирмачиларнинг дала қўмондонларидан бири Алексей Мозговой ҳалок бўлди

Алексей Мозговой

Донбассда айирмачиларнинг “Призрак”, яъни “Шарпа” бригадаси раҳбари Алексей Мозговой номаълум гуруҳ томонидан ўлдирилди.

“Луганск Халқ Республикаси” тамсилчиларига кўра, Мозговой Перевальск-Луганск йўлидаги диверсия қурбони бўлган.

23 май куни “Призрак” раҳбари тушган автомобиль аввал портлатилган, кейин эса пулемётдан ўққа тутилган.

Айирмачилар вакили Сергей Горенко: “Ҳозирги пайтда бу диверсион гуруҳ иши бўлиши мумкин, деган ягона тахмин мавжуд”, деди, бироқ бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Ҳодиса Украина шарқидаги исёнчилар назорати остида бўлган Алчевск шаҳри яқинида, жабҳа чизиғидан тахминан 30 чақирим нарида содир бўлган. Воқеа чоғида Мозговойнинг ёнида айирмачилар вакилларидан яна бир неча киши бўлгани айтилмоқда.

Март ойида “Призрак” бригадаси раҳбарига қарши бир неча марта суиқасд уюштирилганди.

Апрель ойида Росбалт агентлигига берган интервьюсида Мозговой “Луганск Халқ республикаси” раҳбариятини коррупцияда айблаб, танқид қилган эди.