Польшадаги президент сайловининг иккинчи босқичида мухолифатчи номзод ғалаба қозонди

Мухолифат номзоди Анжей Дуда, экзит-пол натижаларига кўра, сайловнинг иккинчи босқичида 53 фоиз овоз жамғарган.

Польшанинг амалдаги президенти Бронислав Коморовский президент сайловининг иккинчи босқичида мухолифат номзоди Анжей Дудага ютқазганини тан олди.

24 май кунги овоз беришда Коморовскийга рақиб бўлган Дуда, экзит-пол натижаларига кўра, 53 фоиз билан сайловда ғалаба қозонган.

62 ёшли Бронислав Коморовский сайловчилар танловини ҳурмат қилишини айтаркан, Дудага янги мақомда муваффақиятлар тилади.

43 ёшли Анжей Дуданинг ғалабаси Католик черковига яқин бўлган “Ҳуқуқ ва адолат” партиясининг сўнгги 10 йил давомида сайлов орқали эришган энг йирик ғалабаси бўлиб ҳисобланади.

Коморовский мансуб бўлган ва “Фуқаровий платформа” деб номланган ўнг марказчи партия Польшани кейинги 8 йил мобайнида бошқариб келди.

Муддати битаётган президент Коморовский мамлакат бош вазири Эва Копачнинг иттифоқчиси эди.

Польшада давлатни асосан бош вазир бошқаради, айни пайтда президент қуролли кучлар қўмондони бўлиб ҳисобланади, ташқи сиёсатга таъсир кўрсата олади, қонунларга вето қўя олади ва Марказий банкни бошқаради.

Польшадаги президент сайловининг якуний расмий натижалари 25 май куни эълон қилиниши кутилмоқда.