Тожикистонда бир қатор сайтлар тўсиб қўйилди

Тожикистонда Озодлик радиоси тожик хизмати сайти очилмаяпти.

Тожикистонда 28 май куни тушдан кейин Озодлик радиоси тожик хизмати, "Азия-Плюс" агентлиги сайтлари ҳамда Youtube, “Одноклассники” ва vk.com тармоқлари тўсиб қўйилди.

Тожикистон интернет провайдерлар бирлашмаси раҳбари Асомиддин Атоев Озодлик радиоси тожик хизматига мазкур сайтларга тўсиқ қўйиш ҳақида давлат алоқа раҳбарияти томонидан оғзаки буйруқ бўлганини билдирган. Расмийнинг айтишича, бунга сайтларда тожик полковниги Гулмурод Ҳалимовнинг “Исломий давлат” сафларига қўшилиши тўғрисидаги видеоматериалнинг жойлаштирилиши сабаб бўлган.

27 май куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видео хабарга кўра, 40 ёшли полковник Гулмурод Ҳалимов “Исломий Давлат” сафларига қўшилганини маълум қилганди.

ОМОН қўмонди 23 апрель куни ғойиб бўлиши ортидан унинг Сурияга кетгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Гулмурод Ҳалимов ўз видео баёнотида Тожикистонга “жиҳод” учун қайтишини билдирган.