Чинозда мажбурий меҳнат муаммосини ўрганаётган фаол яна қўлга олинди

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, Тошкентдаги Инсон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева мамлакатдаги қишлоқ хўжалик ишларига давлат муассалари ходимларининг ёппасига жалб этилиши ҳолатларини ўрганаётган вақтда яна милиция ходимлари тарафидан қўлга олинди.

5 июнь куни Тошкент вилоятининг Чиноз туманига навбатдаги кузатувларни ўтказиш учун борган ҳуқуқ фаоли яна милиция ходимлари тарафидан қўлга олиниб, кун давомида туман ички ишлар бўлимида ушлаб турилган.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммоларини ўрганаётган ҳуқуқ фаоли ишига сўнгги бир ҳафта ичида иккинчи бор тўсқинлик қилинаяпти.

Бундан аввал Елена Урлаева 31 май куни Тошкент вилояти Чиноз туманида бюджет соҳасида ишловчиларни пахта чопиғига мажбурий олиб чиқилиши ҳолатини аниқлагани борганида мазкур туман милициясига олиб кетилган ва ноинсоний муносабатга дучор бўлган эди.

Яна ҳаммаси такрорланди. Кеча далаларга мажбурлаб олиб чиқилган ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини фотосуратга олаётганимда мени машинага босиб олиб кетишди. Лекин бу сафар милиция бир оз мулойимроқ муносабатда бўлди. Яна сўроққа тутишиб, фотоаппарат "флешка"сини қидиришди, нима мақсадда келганимни сўрашди. Кун давомида ушлаб туришди-да кечга яқин қўйиб юборишди,- дейди Урлаева.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистонда бюджет соҳасида ишловчиларни пахта чопиғига мажбурий олиб чиқилишини ҳужжатлаштирмоқда. Лекин унинг айтишича, бу ишга ҳукумат тўсқинлик қиляпти.

- Мен кеча атайлаб яна Чинозга бордим. Қўлимда бузиқ фотоаппарат ва плакатлар билан бордим. “Мажбурий меҳнатга чек қўйилсин”, деб ёзилган плакат билан далага мажбурлаб олиб чиқилган шифокорлар олдида турдим. Милицияни реакциясини билиш учун яна уларни гўёки суратга олаётган бўлдим. Яна ҳаммаси такрорланди. Милиция мени қўлимни қайириб олиб кетди. Демак, улар мажбурий меҳнат муаммоси ошкор бўлишини хоҳлашмаяпти. Шунинг учун менга очиқдан очиқ тўсқинлик қилишяпти, - дейди Урлаева.

Халқаро Хьюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистонда мажбурий меҳнат муаммосини ўрганаётган ҳуқуқ фаолининг қўлга олиниши ва унга нисбатан милиция бўлинмасида ўта ноинсоний муносабатда бўлинганини танқид қилиб чиққан эди.

Хьюман Райтс Вотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича эксперти Стив Свердлов мазкур воқеани “Мамлакатда фуқаролик жамиятини назорат қилиш учун ўзбек ҳукумати томонидан қўйилаётган янги минимум”, деб баҳолади. Унга кўра, мазкур воқеа халқаро ҳамжамият, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи эътиборидан четда қолмаслиги лозим. “Мазкур давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари Елена Урлаеванинг мурожаати юзасидан Тошкент ҳукуматини зудликда ҳолис ва адолатли тергов ўтказишга чақириши зарур”, деди Стив Свердлов Озодлик билан суҳбатда.

- Елена Урлаева бу каби воқеаларга жуда кўп марта дуч келган. Лекин охирги воқеа ўта шафқатсизлиги билан бошқаларидан ажралиб туради. Биз бундан жуда ташвишдамиз. Биз Ўзбекистон ҳукуматини бу масалада тергов ўтказишга ва бунга қадар зудлик билан мазкур воқеани қоралаб баёнот беришга чақирамиз, - деди Стив Свердлов.

Ҳуқуқ фаоллари, жумладан, Елена Урлаева ҳам Ўзбекистонда ҳукуматнинг арзон пахта етиштириш истаги давлат идора-ташкилотларининг ходимларини мажбурий меҳнатга олиб чиқарилаётганининг асосий омили эканини айтиб келадилар.

Ҳозирга қадар жаҳон бўйлаб 130дан ортиқ ширкат болалар меҳнати маҳсули деб кўриладиган ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечган.