Рим папаси боснияликларни ўзаро тотув яшашга чақирди

Рим папаси Франциск Сараевода, 2015 йилнинг 6 июни.

Рим папаси Франциск Босния ва Герцеговинага қилган сафари чоғида бу мамлакатда яшовчи мусулмонлар, православ ва католикларни ўтмишнинг оғриқли жароҳатлари ортга ташлаб, тинч келажак учун биргаликда ишлашга чақирди.

6 июнь куни боснияликлар олдида чиқиш қилган Рим папаси Сараевога “тинчлик ва мулоқот зиёратчиси” бўлиб келганини таъкидлади.

Шундан сўнг у Сараево стадионида, айрим маълумотларга кўра, 65 минг киши билан биргаликда очиқ осмон остида ибодат маросимини ўтказди.

Маросимдан сўнг бугун дунёда кечаётган воқеаларни “учинчи жаҳон уруши” дея талқин қилган Рим папаси йиғилганларни яна бир бор тинчлик-тотувликка чақирди.

1992-1995 йилларда Босния ва Герцеговина бўлиб ўтган фуқаролар уруши бу ерда яшовчи минглаб мусулмон ва насроний ёстиғини қуритган.