Эрдўғон турк сиёсатчиларини масъулиятли бўлишга чақирди

Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон парламент сайловлари пайтида.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк сиёсатчиларини “ўз ҳаракатларига маъсулиятли бўлиш” ва “барқарорлик ҳамда ишонч муҳитини сақлаб қолиш”га чақирди. Эрдўғон бу ҳақда ўз партияси кўзлаган маррага етолмаган якшанба кунги парламент сайловларидан сўнгги чиқишида гапирди.

Туркияда якшанба куни ўтказилган парламент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Эрдўғон бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт партияси” парламентда мутлақ кўпчилик ўринларни қўлга киритиш имкониятини бой берган.

Ҳукмрон партия кейинги пайтларда Эрдўғоннинг президентлик ваколатларини кенгайтиришга ва парламент орқали конституциявий қўшимчалар киритишга ҳаракат қилаётган эди.

Якшанба кунги сайловлар 2002 йилдан буён Туркияда ҳокимият тизгинини қўлда тутиб келган партиянинг мағлубияти ўлароқ баҳоланмоқда.

Эрдўғон партияси 7 июнь кунги сайловда тўла ғалаба қозонган тақдирда мамлакат конституциясига президент ваколатларини кенгайтирадиган ўзгартишлар киритишни режалаётганди.

Курдларнинг Халқлар демократик партияси кечаги сайловларда 10 фоизли сайлов тўсиғидан ўтиб, сайловчиларнинг 13,1 фоиз овозини жамғаришга муваффақ бўлди. Бу натижа мазкур партиянинг парламентда 80 та ўринга эга бўлишини таъминлайди.

Курдлар лидери Салаҳиддин Демиртош Эрдўғон партияси билан мутлақо коалиция тузилмаслигини таъкидлади.

Бугун “Адолат ва тараққиёт партияси” йиғилиш ўтказиб, парламентнинг бошқа партиялари билан коалиция тузиш масаласини муҳокама қилади.

Агар сайловдан кейинги 45 кун ичида бошқа партиялар билан коалиция тузишга эришилмаса, Туркияда парламент сайловлари янгидан ўтказилади.