Қозоғистонда ядровий ёнилғи банки ташкил этилади

Халқаро Ато энергияси ташкилоти раиси Юки Амано Қозоғистондаги ядровий ёнилғи банки 2 йил ичида иш бошлашини билдирди.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик 11 июнь куни уран халқаро бозорига кириш имкониятига эга бўлмаган давлатлар фойдалана олиши учун Қозоғистонда ядровий ёнилғи банкини ташкил этиш лойиҳасини тасдиқлади.

Мазкур лойиҳа бошқа давлатлар Эрон каби мустақил равишда ҳам ядровий энергия ҳам атом бомбаси яратиш учун қўлланилса бўладиган даражада уранни бойитишни бошлаб юбориши эҳтимолини олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик кенгаши қарорига биноан, Қозоғистонда 90 тонна кам бойитилган уран заҳираси яратилади. Мазкур миқдордаги бойитилган уран катта шаҳарни уч йил давомида электр энергияси билан таъминлаш учун етарли бўлади.

Агентлик раҳбари Юки Амано ядровий ёнилғи банки Усть-Каменогорскда икки йилдан сўнг ишга туширилади, деб билдирди. Бу каби банкини яратиш ташаббуси АҚШнинг Nuclear Threat Initiative ташкилоти томонидан 2006 йилда кўтарилган эди.

Лойиҳанинг қиймати 150 миллион долларни ташкил қилади. Америкалик сармоядор Уоррен Баффет мазкур маблағнинг учдан бир қисмини бермоқда. АҚШ ҳам лойиҳа учун 33 миллион доллар сарфламоқда. Маблағнинг қолган қисми эса Европа Иттифоқи, Қувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Норвегия ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.