ЖАР суди саммитга келган Судан президентига нисбатан мамлакатни тарк этмаслик қарорини чиқарди

Судан президенти Умар ал-Башир.

Жанубий Африка Республикаси суди Африка иттифоқи саммитига қатнашиш учун бу мамлакатга келган Судан президенти Умар ал-Баширга мамлакатни тарк этишни вақтинча тақиқлаб қўйди.

ЖАР суди мулозимларига кўра, Судан президенти уни Халқаро жиноят судига топшириш-топширмаслик ҳақида қарор чиқарилгунига қадар Жанубий Африка Республикасида қолишга мажбур.

Аввалроқ Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Жанубий Африка Республикаси расмийларини Умар ал-Баширни ҳибсга олишга чақирганди. Ҳаагадаги халқаро суд 2009 йили Судан президентини ҳарбий жиноятлар, шу жумладан, Дарфурдаги қатлиомда айбдор деб топиб, уни ҳибсга олишга ордер берган.

Айни пайтда кузатувчилар Африка иттифоқи саммитига келган Умар ал-Баширнинг ҳибсга олинишию Ҳаагага топширилишига унча ишонмаяптилар, чунки Жанубий Африка Республикаси расмийлари саммит иштирокчиларга ҳуқуқий дахлсизлик берган.

ЖАР президенти Жейкоб Зума суднинг суданлик ҳамкасби ҳақида чиқарган қарори юзасидан норози эканини билдирди. Зумага кўра, Ҳаага суди Африка лидерларига нисбатан холис иш тутмаяпти.

Судан президенти Умар ал-Башир 2003 йили Дарфурда қўзғалган исённи шафқатсизлик билан бостиргани айтилади. БМТ маълумотига кўра, ўшандаги исён пайтида 300 мингдан зиёд одам ўлдирилган, тақрибан 2 миллион одам уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.