Женевада Яман бўйича музокаралар бошланади

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Женевадаги учрашув олдидан.

Бугун Женевада Яман можаролари бўйича барча томонлар иштирокидаги илк учрашув ўтиши режаланган.

БМТ иштирокидаги ушбу тинчлик музокараларида Хутий исёнчилари билан собиқ президент Али Абдулла Солиҳ партиясидан вакиллар иштирок этади.

Социалистик партия ва "Ҳақ" партияси аъзолари ҳам музокараларда қатнашиши кутилмоқда.

Президент Абд Раббу Мансур Ҳадий тарфдорлари ҳам Женевага кеча етиб келган.

Жорий йил мартида Саудия Арабистони ва унинг сунний иттифоқдошлари Хутий исёнчилари марказларини ҳаводан бомбардимон қилишни бошлади.

Саудия Арабистони Яманнинг четлатилган президенти Абд-Раббу Мансур Ҳадийни ўз жойига қайта тиклашни истайди.

Ҳозир Саудия Арабистонидан бошпана топган Абд-Раббу Мансур Ҳадийни Эрон дастаклаган Ҳутий исёнчилари қудратдан ағдарганди.

БМТ ҳисоб-китобига кўра, Ямандаги можарода 1900га яқин инсон ҳалок бўлган ва 7 мингга яқин одам яраланган.