Саакашвили Одессада рэкетчи прокурорларга уруш эълон қилди

Саакашвили прокурорлар билан учрашувда.

Июнь ойидан Украинанинг асосий порт шаҳарларидан бири Одессага губернатор этиб тайинланган Грузиянинг собиқ ислоҳотчи президенти Михаил Саакашвили ишни оддий халқ ва тадбиркорларни кучишлатар тизимлари¸ хусусан¸ прокуратура бандитизмидан ҳимоя қилишдан бошлаганини эълон қилди.

30 май куни Украина президенти Петро Порошенко Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвилини стратегик порт шаҳри Одессага губернатор этиб тайинлади ва одессаликларга бир йил ичида турмуш даражаси сезиларли тарзда ошишини ваъда қилди.

Бу ваъдани амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадам сифатида Одесса янги губернатори минтақа кучишлатар тизимлари раҳбарларини янгилаш¸ асосийси эса¸ бу тизимлар иш услубини ўзгартириш ҳаракатидан бошлади.

Грузия Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Георги Лорткипанидзени Одесса полицияси янги раҳбари этиб тайинлаган Саакашвили 16 июнь куни уни шахсан оддий шаҳарликларга таништирди.

Кўча-кўй¸ бозор ва дўконлар¸ жамоат транспортида янги полиция бошлиғини одессаликларга кўрсатиб чиққан Саакашвили унга: “Кўриб қўй¸ сенинг асл хўжайинларинг шулар бўлади¸ нима қилишга сенга шулар айтади”" деди оддий одамларни кўрсата туриб.

Айни шу куни Одесса прокуратурасида мажлис ўтказган Саакашвили¸ прокурорларга тадбиркор ва сармоядорларни талаш¸ қўрқитиш ва улардан пора ундиришни тўхтатишни талаб қилди.

“Менга давлат манфаатлари деган эртакни айтманг. Давлат манфаатлари бу сизнинг¸ Горностаеванинг (Одесса прокурорининг ўринбосари¸ Украина Бош прокурори ўринбосарининг қизи) манфаати эмас. Бу биринчи навбатда сармоядорнинг¸ тадбиркорнинг манфаати. Мен бу гапларни кўп эшитганман. Порахўрлик бошланган жойда давлат манфаатлари тугайди. Оддий одам манфаатларини ким ҳимоя қилади? Ҳеч ким. Ë бугундан бошлаб бошқача ишлаймиз¸ ëки мен барча амалдорларга уруш эълон қиламан. Биз урушдамиз. Коррупцияга қарши уруш конкрет уруш”¸ деди Саакашвили кучишлатар тизимлари раҳбарлари билан учрашувда.

Украина фуқаролигини олган Саакашвили февраль ойидан Украинанинг ислоҳотлар бўйича халқаро маслаҳат кенгашига етакчилик қилиб келди¸ 30 май куни эса Петро Порошенко кўпчилик учун кутилмаганда унинг Одесса губернатори этиб тайинланганини эълон қилди.

2003 йилда Грузия президенти лавозимига келган Саакашвили 2013 йилда президентлиги якунига етгунига қадар мамлакатда йирик ислоҳотларни амалга оширди.

Кузатувчилар фикрича¸ кучишлатар тизимлари¸ маориф ва таълим тизимида қилган ислоҳотлари билан Саакашвили Грузия давлат тузумини тубдан ислоҳ қилиш¸ биринчи навбатда¸ коррупцияни жиддий жиловлашга муваффақ бўлди.

Украинанинг жорий президенти Петро Порошенко билан кўпдан яқин дўстлиги борлиги айтилаëтган Саакашвилига катта ваколат бериш орқали Порошенконинг ўзи ваъда қилган ислоҳотларни ижро этишга киришгани айтилмоқда.

Бир миллион аҳолиси бор бўлган Одесса Киевдан тахминан 450 километр, россияпараст исёнчилар назорат қилаётган ҳудудлардан эса минглаб километр узоқликда жойлашган.