Пентагон: "Исломий давлат" гуруҳи Афғонистонда "бошланғич паллада"

АҚШ Мудофаа вазирлиги “Исломий давлат” гуруҳи Афғонистонга “энди кириб келмоқда” ва у ерда ўз сафларини кенгайтириш йўлларини қидирмоқда, дея билдирди 17 июнь куни конгрессда берган ҳисоботида. ИД экстремистлари Афғонистонда фаолият бошлаганини расман эълон қилгани йўқ. Лекин жангари гуруҳ Афғонистонда ҳам ўз тармоғини ташкил қилмоқчи, деган хавотирлар янграмоқда.

Кейинги пайтларда ИДнинг Афғонистондаги фаоллиги шу қадар сезила бошладики, ҳатто мамлакатдаги энг нуфузли жангари гуруҳи Толибон билан қарамақаршилик юзага келмоқда. 16 июнь куни Толибон ИДни Афғонистонда параллел равишда жангарилик ҳаракатини ташкил этмасликдан огоҳлантирди. Бунга толиб жангариларининг ИД сафига ўтиб кетаётган ва икки фирқа ўртасида тўқнашувлар рўй бергани сабаб бўлди.

Пентагон ҳисоботида ИД гуруҳи тарафидан жангариларни ёллашга оид айрим ҳолатлар кўзатилгани лекин экстремист гуруҳнинг Афғонистондаги фаолияти “бошланғич падллада” экани қайд этилади.

“ИШИД яқин йилларда Афғонистонда ўз ҳозирлиги кенгайтириш уринишларини давом эттириши эҳтимолга яқин, ҳамда бу гуруҳ ўз нуфузини оширишда Толибон ва бошқа сақланиб қолган террорчи ва жангари гуруҳлар билан рақиблик қилади”, дейилади ҳисоботда.

ИДнинг майдонга чиққани Афғонистон етакчилари диққатини торган бўлса-да, дейилади ҳисоботда, Толибоннинг нуфузи ҳамда Ҳаққони тармоғи энг катта таҳдид экани кўздан қочирилмаслиги лозим.