АҚШда қора танлилар черковига ҳужум қилган шахс қўлга олинди

Дилан Руф черковга миллий нафрат асосида ҳужум қилгани айтилмоқда.

АҚШ полицияси 18 июнь куни Жанубий Каролина штати Чарльстон шаҳридаги қора танлилар черковига ҳужум қилиб, тўққиз одамни ўлдирганликда гумонланаётган оқ танли террорчини қўлга олди.

Черковга ҳужум миллий нафрат ва ирқчилик асосида уюштирилгани айтилмоқда. Черковга қилинган ҳужум АҚШдаги энг ваҳшиёна қотилликлардан бири бўлди. Мазкур ҳужумда олти аёл ва уч эркак отиб ўлдирилган. Улар орасида черков руҳонийси ва Демократлар партиясидан Сенат аъзоси бўлган Клемент Пинкни ҳам бор.

Ҳужумда айбланиб қўлга олинган 21 ёшли Дилан Руф Жанубий Каролина штатининг Колумбия шаҳрида яшаган. У Шимолий Каролина штатида қўлга олинган.

Президент Обама мазкур ҳужум содир этилганидан ғазаб ва афсус билдирди ҳамда ҳукумат кучларини зўравонликларнинг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солишга чақирди.