Путин газ қувури Грецияга қарзларини тўлашга ёрдам беришини айтди

Путин Санкт Петербургда 18 июнда ўтган иқтисодий анжуманда сўзламоқда.

Россия президенти Владимир Путин 19 июнь куни Афина билан имзоланган газ қувури бўйича меморандум Грецияга қарзларидан қутилишга кўмак беришини билдирди.

Владимир Путин таклиф этилаётган газ қувури Грецияни газни тарнзит қилувчи йирик бўғинга айлантириб, унга миллионлаб доллар даромад келтиришини айтди.

Мазкур меморандум Греция Бош вазири Алексис Ципраснинг 18 июнда бошланган Москвага расмий ташрифи доирасида имзоланган. Аввалроқ Европа Иттифоқи Грециянинг Халқаро валюта жамғармасидан бўлган 1 милиард 800 миллион доллар қарзи масаласини муҳокама қилган ва Афина ҳукуматига пенсиялар ва бошқа тўловларни кескин қисқартириш таклифини киритган эди. Бироқ Греция бунга рози бўлмаган.

“Агар Европа Иттифоқи Греция ўз қарзларини тўлашини истаса, Греция иқтисодини ривожлантиришга кўмак беришдан манфаатдор бўлиши керак”, деб билдирди Путин Санкт Петербургда халқаро ахборот агентликлари раҳбарлари билан учрашувда.

Путин мазкур баёнотидан аввалроқ Греция Бош вазири Алексис Ципрас билан музокаралар ўтказди. Музокараларда пулга муҳтож Грецияга молиявий ёрдам кўрсатиш масаласи тилга олинмади.