Германияда Ал-Жазира журналисти Қоҳира сўровига кўра ҳибсга олинди

Миср расмийлари талабига мувофиқ, Ал-Жазира телеканалининг таниқли журналистларидан бири Аҳмад Мансур Берлинда қўлга олинди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи Твиттердаги саҳифаси орқали маълум қилди.

52 ёшли журналистнинг Берлиндаги Тегел аэропортида қўлга олинганини немис полицияси ҳам тасдиқлади.

Ал-Жазиранинг араб канали етакчи журналистларидан бири, ҳам Миср, ҳам Британия фуқароси бўлган Аҳмад Мансурни ўтган йили Миср суди сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Унга 2011 йилда Таҳрир майдонида адвокатга нисбатан қийноқ қўллаганлик айблови қўйилган. Аҳмад Мансурнинг ўзи бу айбловларни “бемаънилик” дея рад қилган.