Германия суди Миср талаби билан қўлга олинган тележурналистни ҳибсда қолдирди

Германияда суд шанба куни қўлга олинган “Ал-Жазира” телеканали ходими Аҳмад Мансурни ҳибсхонада қолдириш ҳақида қарор чиқарди.

Аҳмад Мансур 20 июнь куни Берлиндаги “Тегель” аэропортида Қатарга йўналган самолётга чиқаётган пайтда Миср расмийлари талабига кўра қўлга олинганди.

Агентликлар хабарига кўра, бу масала бўйича кейинги қарорлар яқин кунларда олиниши кутилмоқда.

Якшанба куни “Ал-Жазира” раҳбарияти Германия расмийларини Аҳмад Мансурни зудлик билан озод қилишга чақирганди. Телеканал масъулларига кўра, ҳеч қайси давлат Мисрга ўзидан оммавий ахборот воситаларига босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиш имконини бермаслиги лозим.

Ал-Жазиранинг араб канали етакчи журналистларидан бўлган Аҳмад Мансур ўтган йили Миср суди томонидан сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум қилганди. Унга 2011 йилда Таҳрир майдонида қандайдир адвокатни қийнаганлик айблови қўйилган. Аҳмад Мансурнинг ўзи ҳам, “Ал-Жазира” телеканали ҳам бу айбловларни рад этган. Миср расмийлари мазкур телеканални мамлакатда фаолияти тақиқланган “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати жарчиси, дея айблаб келади.