“Исломий давлат” Суриядаги Ҳасаки шаҳрини ишғол қилишга уринмоқда

Туркия-Сурия чегарасида жойлашган Кобани шаҳри яна ИШИД ва курд пешмергалари тўқнашуви майдонига айланди.

Сурия расмийлари ва мустақил кузатувчиларга кўра¸ “Исломий давлат” террор гуруҳи ўтган тунда Сурия шимол-шарқидаги Ҳасаки шаҳрига ҳужум бошлаган ва оғир тўқнашувлардан сўнг қатор маҳаллаларни ҳукумат кучлари назоратидан тортиб олган.

Ушбу шаҳарнинг бир қисми Сурия армияси¸ бошқа қисми эса¸ курд жангарилари назоратидадир.

Айни пайтда¸ жиҳодчилар Туркия чегарасидаги Кобани шаҳрини назорат қилиб турган курд қўшинлари истеҳкомларига ҳужум қилмоқда¸ шунингдек шаҳарда турли террор хуружлари уюштирмоқда.

Кузатувчиларга кўра¸ Кобани яқинидаги қишлоқда ишидчилар томонидан бомба тўлдирилган машинанинг портлатилиши оқибатида тинч аҳолидан камида 20 одам нобуд бўлган.

Сурия телеканаллари Кобанига ҳужум уюштирган ишидчиларнинг Туркия ҳудудидан кирганини иддао қилди¸ аммо турк расмийлари бу хабарни дарҳол рад этди.