Арман ҳукумати электр қуввати нархини ошириш қарорини ўзгартирмайди

Еревандаги намойиш.

Бир неча кундан бери давом этаётган норозилик намойишларига қарамай, Арманистон ҳукумати август ойидан режалаштирилган электр энергия нархини 16 фоизга ошириш қарори ўз кучида қолишини билдирди.

Бош вазири Овик Абрамян 25 июнь куни ҳукумат йиғилишида “энергетик хавфсизликни таъминлаш” йўналишидаги фаолият давом эттирилишини ва электр энергияси нархи режалаштирилганидек август ойидан оширилишини билдирди. Унга кўра, электр қуввати нархи кўтарилиши ортидан мамлакатдаги 105 мингдан кўпроқ кам таъминланган оилаларга берилаётган ижтимоий ёрдам пули миқдори ҳам кўпайтирилади.

Абрамян, шунингдек, норозиларни Ереван кўчаларини транспорт ҳаракати учун очиб беришга чақирди.

Арманистонда электр қуввати нархи оширилишига қарши бир неча кундан бери ўтказилаётган митингларда ўн минглаб одамлар иштирок этмоқда.