Ереван норозиларига мухолифатчилар ҳам қўшилди

#ElectricYerevan норозилик акцияси 10 кундан буён давом этмоқда

Арманистон пойтахти Ереванда 10 кундан буён давом этаётган намойишларга бугун муҳолифат вакиллари ҳам қўшилди.

Мухолифатдаги " Парламент тузувчи" ташкилоти вакили Жирайр Сефилян "ҳукумат халқ талабини бажармади" ва шунинг учун ҳам "акцияни кеча-кундуз давом эттириш лозим", дея таъкидлади.

27 июнь куни кечқурин Арманистон Президенти Серж Саркисян мамлакат аҳолиси ва ташкилотларига 1 августдан бошлаб электр учун ҳақни оширилган нархда тўлашлари шарт эмаслигини эълон қилди.

Президентнинг расмий сайтида эълон қилинган хабарга кўра, электр энергияси нархининг оширилиши қай даражада асосли эканини ўрганаётган “Арманистон электр тармоқлари” ташкилотининг аудит текширувлари тугагунча электрнинг янги ва эски тарифлари ўртасидаги фарқни ҳукумат ўз зиммасига олади.

Намойишчилар Саркияннинг ушбу баёнотини ғалаба ўлароқ қабул қилишди. Бироқ баёнотдан тўла қониқмаганликларини билдиришди. Норозилар ҳукуматдан электр нархи оширилиши билан боғлиқ қарорни вақтинча тўхтатишни эмас, балки бутунлай бекор қилинишини талаб қилмоқда.

Арманистон пойтахтида электр энергияси нархи оширилганига қарши норозилик намойишлари 19 июндан буён давом давом этмоқда.