Грециядаги мингта банк 1 июлдан пенсионерларга хизмат кўрсатади

Биринчи июлдан бошлаб Грециядаги мингга яқин банк пластик карточкаси бўлмаган пенсонерларга хизмат кўрсатадиган бўлди.

Бу ҳақда Греция Молия вазирлиги баёнот тарқатди. Бунга қадар ҳукумат бир ҳафта муддатга мамлакатдаги банкларни ёпиш ва банкоматлардан нақд пул олинишини ҳам чеклашга қарор қилган.

Бугун Грециянинг Халқаро Валюта жамғармасидан 1 миллиард 800 миллион евролик қарзини тўлаш учун берилган сўнг муддат якунига етади ва халқаро молиявий ёрдам дастури тўхтатилади.

Греция Бош вазири Алексис Ципрас кеча оқшом фуқароларга мурожаат қилиб, уларни 6 июль куни бўладиган референдумда халқаро кредиторлар таклифларига қарши овоз беришга чақирди. Акс ҳолда, Ципрас лавозимида қолмаслигидан огоҳлантирди.

Аммо, Европа Иттифоқи агар Греция халқаро кредиторлар таклифидан бош тортса, еврозонадан чиқарилишидан огоҳлантирган. Ҳозир Грецияга дефолт таҳдид солмоқда.

Кеча оқшом ўн минглаб одам Афина марказига йиғилиб, ўз ҳукуматини қўллашини билдирди. Бугун эса ҳукуматга қаршилар акцияси бўлиши кутилмоқда.