Покистон ва Афғонистон чегарачилари ўртасидаги отишмада бир киши ҳалок бўлди

Покистон ва Афғонистон чегарасида икки мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида рўй берган отишмада камида бир одам ҳалок бўлди, икки киши яраланди. Афғонистони Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Содиқ Содиқийнинг билдиришича, 1 июль куни Покистоннинг Шимолий Вазиристон минтақасига чегарадош Ангур Адда қишлоғида рўй берган тўқнашувда бир нафар афғон чегарачиси ҳалок бўлган.

Содиқийнинг айтишича, отишма Покистон тарафи чегарада ноқонуний қурилмани барпо қилмоқчи бўлган пайтда келиб чиққан. “Афғон чегара полицияси вазиятга аралашиб, ўзаро отишма чиққан”, дея қўшимча қилди афғон расмийси.

Лекин Покистон томони ўз чегарачилари афғон полицияси тарафидан отилган ракета икки аскарни яралашидан кейингина ўт очганини айтмоқда.

Чегарадаги тўқнашув Кобул ва Исломобод ўзаро муносбатларни яхшилаш уринишларига путур етказиши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.