Грецияда бугун умуммиллий референдум ўтказилмоқда

Греция Бош вазири Алексис Ципрас референдумни қўлловчилар митингида нутқ сўзламоқда, 3 июль, 2015 йил.

Бугун Грецияда халқаро кредиторлар қўйган талабларни қабул қилиш ёки рад этиш масаласида умуммиллий референдум ўтказилмоқда.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 10 миллион грекнинг кўпчилиги кредиторлар талабларини рад этишни ёқлаб овоз берса, у ҳолда Греция евро ҳудудидан чиқиши мумкин.

Греция Бош вазири Алексис Ципрас сайловчиларни “қўрқувга ” ва евро ҳудуддаги қарз берувчи давлатлар “террорига” қарши овоз беришга чақирди.

Халқаро кредиторлар янги қарз бериш учун Грециядан тежамкор иқтисодий чораларга қўл уришни талаб қилган. Бироқ Греция ҳукумати кредиторлар таклиф қилган солиқларни ошириш, нафақаларни қисқартириш каби бир қатор чораларни амалга оширишни рад этган эди.

Греция Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармасидан 240 миллиард евро қарз бўлиб қолган. Греция халқаро валюта жамғармасига мазкур қарзнинг 1 миллиард 550 миллон евролик қисмини 30 июнь ярим тунгача тўлаши керак эди.Бироқ Греция бу қарзни тўлашдан бош тортган.

Жума куни Греция расман банкрот давлат, дея эълон қилинди. Мамлакатнинг ўз қарзларини тўлолмаслигини Европа молиявий барқарорлик жамғармаси (EFSF) қайд этди.