Ўзбекистонга уч ойда 10 мингдан ортиқ хорижлик доимий яшаш учун кўчиб келди

“Ўзбектуризм” миллий ширкатининг билдиришича, 2015 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга 10 117 хориж фуқароси доимий яшаш учун кўчиб келган.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг миллий ширкатга таяниб хабар беришича, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга кўпдир. Ўтган йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистонга кўчиб келган хорижликлар сони 8 360 одамни ташкил қилган эди.

Хабарда айтилишича, ўтган йили Ўзбекистонга доимий яшаш учун кўчиб келган хориж фуқаролари сони 41 744 одамни ташкил қилган. 2013 йилда эса 28 671 хорижлик Ўзбекистонни доимий яшаш учун танлаб олгани хабар қилинган.

Хабарда Ўзбекистонни доимий яшаш жойи сифатида танлаётган хорижликлар қайси давлатлар фуқаролари экани айтилмаган.