Германия ва Франция Греция учун музокаралар эшиги очиқлигини билдирди

Германия канцлери Ангела Меркел.

Франция ва Германия раҳбарлари 6 июль куни Греция евро ҳудудида қолиши учун музокаралар эшиги хамон очиқ экани ҳақида баёнот берди.

Париждаги учрашувдан сўнг журналистлар олдида чиқиш қилган Германия канцлери Ангела Меркел ва Франция президенти Франсуа Оланд Греция раҳбариятини бу борада тезроқ таклиф киритишга чақирди.

“Биз аниқ айта оламизки, музокаралар учун эшиклар очиқ қолмоқда ва эртага ўтадиган евро ҳудуди раҳбарлари йиғилишини мана шу нуқтаи назардан тушуниш мумкин”, деди Ангела Меркел 6 июль куни Парижда.

7 июль куни евро ҳудудига кирган давлат раҳбарлари Брюсселда Греция масаласида навбатдан ташқари йиғин ўтказади.

Грецияда 5 июль куни бўлиб ўтган умуммиллий референдумда юнонларнинг 60 фоиздан кўпроғи Европа Иттифоқи ва Халқаро валюта жамғармасининг мамлакатга қарз бериш шартларига қарши овоз берди.Бу эса Грециянинг евро ҳудудидан чиқиш эҳтимолини англатади.