Обама АҚШ "Исломий давлат"га қарши ҳаракатларни кучайтиришини билдирди

АҚШ Президенти Барак Обама

АҚШ Президенти Барак Обама “Исломий давлат” гуруҳига қарши курашаётган Америка етакчилигидаги коалиция экстремист гуруҳнинг Суриядаги базаси, айниқса ташкилот етакчиларини йўқ қилиш ҳаракатларини кучайтирмоқда, дея баён қилди.

“ИШИД етакчилари ва ИШИДнинг молиявий манбаси ва пропаганда маркази бўлган Суриядаги инфратузилмаларини топиб, йўқ қилиш ҳаракатларини оширамиз”, деди Обама 6 июль куни Пентагонда ҳарбий қўмондонлар билан учрашуви ортидан.

Обама айни пайтда хорижга АҚШнинг қўшимча аскарларини юбориш режалари йўқлигини маълум қилди. Лекин, дея таъкидлади у, Қўшма Штатлар экстремист гуруҳнинг жаҳон бўйлаб ноқонуний молиявий операцияларини бартараф қилиш ҳамда Суриядаги мўътадил мухолиф гуруҳларга ҳарбий машқ ва аслаҳаларни тақдим этиш ҳаракатларини давом эттиради.

Пентагондаги учрашув ўтган ҳафта охирида АҚШ етакчилигидаги коалиция ИШИДнинг Суриядаги истеҳкомлари, жумладан экстремист гуруҳ назоратидаги Раққа шаҳрини ҳавода ўққа тутиши ортидан ўтказилди.