Афғонистон: Ҳаво ҳужумида минтақадаги "ИД" раҳбари йўқ қилинди

Покистондаги Толибон гуруҳининг "Исломий давлат"га байъат берган собиқ матбуот котиби Афғонистон шарқида ҳаво ҳужумида ҳалок бўлди.

Бу хақда Афғонистон миллий хавфсизлик бошқармалиги муълум қилди.

Расмийларнинг билдиришича, Мавлавий Шаҳидуллоҳ Шаҳид Нангарҳор вилоятининг Ачин туманида 7 июнь куни уюштирилган ҳаво ҳужумида йўқ қилинган.

Шаҳид 2014 йили минтақадаги жанггарилар орасида биринчи бўлиб "Исломий давлат" гуруҳига байъат бериши ортидан Толибон ҳаракатининг матбуот котиблигидан ҳайдалган эди.

Кейинчалик Шаҳид "ИД"нинг жанггарилар Хуросон деб ном берган маузкур минтақадаги етакчисига айланганди.

Афғон расмийларининг айтишича, ҳаво ҳудумида, шунингдек, "ИД"нинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари бўйича етакчиси Гул Замн ва унинг ўринбосари Жаҳодёр ҳам йўқ қилинган.