Толибон етакчиси Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини ёқлаб чиқди

Афғонистондаги Толибон ҳаракати етакчиси Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини “шаръий” деб тан олгани иддао қилинмоқда. Мулла Умарга нисбат берилиб, Толибон ҳаракати расмий сайтида эълон қилинган баёнотда мазкур жараённинг асосий мақсади хорижий кучлар истилосини “тугатишдир”, дея таъкидланган.

15 июль куни тарқатилган баёнот Толибон етакчилари шу пайтгача тутиб келган позиция – барча хориж кучлари Афғонистонни тарк этмагунига қадар ҳукумат билан ҳеч қандай сўзлашув бўлмаслиги тўғрисидаги ёндашуви ўзгарганини англатади.

Афғон расмийлари билан Толибон ўртасида шу ой бошроғида музокаралар бошланганидан бери бу ҳаракат етакчиси Мулла Муҳаммад Умар номидан тинчлик жараёнига оид илк баёнот бўлди.

Баёнотда 7 июль куни Покистонда ўтказилган музокаралар тилга олинмаган бўлса-да, тинчлик жараёни Толибон етакчилари томонидан етарлича қўллаб-қувватланмаётганига доир хавотирларни юмшатди.