Кашмир минтақасида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида чиққан отишмада 5 киши ҳалок бўлди

Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги баҳсли Кашмир минтақасида рўй берган отишмада беш нафар тинч фуқаро ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Покистон Сиалкот минтақасидан ўтувчи де факто чегара чизиғида 15 июль куни рўй берган отишмани келтириб чиқарганликда Ҳиндистонни айблади. Покистон томонига кўра, ҳодисада тўрт фуқаро ҳалок бўлган. Ҳиндистон расмийларининг билдиришича, Покистон аскарлари ўт очиши натижасида бир аёл ҳалок бўлган ва уч фуқаро жароҳатланган.

Покистон армияси Кашмир осмонида Ҳиндистонга қарашли “жосус дрон” уриб туширилганини ҳам айтмоқда.

AFP агентлигининг хабар қилишича, Покистон ҳукумати Ҳиндистон элчисини чақиртириб, “ҳаво ҳудуди бузилгани хусусида кескин норозилик нотасини топширган”

Ҳиндистон армияси ҳаво кучлари ўзига тегишли дрон Покистонда уриб туширилгани ёхуд ҳалокатга учрагани тўғрисидаги хабарларни мутлақо рад қилгани айтилмоқда.

Ҳиндистон ва Покистон бир-бирини баҳсли минтақада отишма келтириб чиқарганликда айблаши одатий ҳолга айланган.