Жон Керри Сенатни Эрон билан шартномани рад этиш оқибатидан огоҳлантирди

Жон Керри.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри америкалик қонунчиларни Эрон билан ядровий дастур юзасидан эришилган шартнома рад қилинса, Теҳронга атом қуролига эга бўлиш учун “яшил чироқ ёқилиши” ҳақида огоҳлантирди.

Керри 23 июль куни Сенатнинг ташқи ишлар бўйича қўмитасида қилган чиқиши чоғида, Эрон билан ядровий дастур борасида эришилган шартномани АҚШ манфаатларига зид келмаслигини таъкидлади.

АҚШ Сенати Эрон билан эришилган шартномани икки ой мобайнида муҳокама қилади. Сенат Эрон шартномага амал қилмаслиги ва санкцияларнинг бекор қилиниши ортидан келадиган миллиардлаб даромадларни Яқин Шарқдаги вазиятни издан чиқаришга сарфлаши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Теҳрон ядровий дастурини қисқартириш бўйича Венада 14 июль куни битимга эришилиши ортидан БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи сўнгги йилларда Эронга қарши жорий қилган иқтисодий ва энергия соҳасидаги санкцияларнинг кўпи тўхтатилиши ёки олиб ташланиши лозим.