Туркия АҚШга ИДга қарши Инжирли ҳарбий базасидан фойдаланишга рухсат берди

Туркия президенти Режаб Тоййиб Эрдўғон Қўшма Штатлар ҳарбий ҳаво кучларига “Исломий давлат” гуруҳининг Сурия ва Ироқдаги манзилларига ҳужум қилиш учун мамлакат жануби-шарқидаги Инжирли базасидан фойдаланишга рухсат берди.

АҚШ ҳарбий қўмондонлиги Эрдўғон ва Обама ўртасида 23 июль куни бўлиб ўтган телефон суҳбати пайтида мана шундай қарорга келинганини билдирмоқда. Телефон суҳбатидан аввалроқ Суриядаги “Исломий давлат” жангарилари Туркия чегарасига ҳужум қилиб, бир турк чегарачисини ўлдирган эди.

Ҳозирча Оқ уй Инжирлик базасидан фойдаланишга рухсат берилгани тўғрисидаги хабарларни расман шарҳлагани йўқ. Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли жамоатчилик тартиби ва миллий хавфсизликни сақлаш учун “барча имкониятларни ишга солишини” билдирди.