Туркия Курдистон ишчи партияси манзилларини бомбардимон қилди

Курдистон ишчи партияси аъзолари ҳарбий машқларни ўташга кетмоқда.

Туркия ҳарбий ҳаво кучлари 24 июль куни кечқурун Курдистон ишчи партиясининг Ироқдаги манзилларини бомбардимон қилди.

Курдистон ишчи партиясининг Ироқдаги матбуот котиби Бахтиёр Дўганнинг AFPга маълум қилишича, ҳужум Кандил шаҳридаги манзилларга кеч соат 11да уюштирилган. Дўганга кўра, турк самолётлари Эрбиле шаҳри яқинидаги тоғларга ҳам бомба ташлаган. Бу тоғларда Курдистон ишчи партияси сиёсий раҳбариятининг яширин бошпаналари борлиги айтилади.

Туркия ҳукумати Курдистон ишчи партиясини террорчи гуруҳ сифатида талқин қилади.Мазкур ҳужум Туркиянинг Сурия ва Ироқ билан чегараларига шу ҳафта мобайнида жангарилар ҳужум қилгани ортидан ўтказилди. Хабарларда ҳужумлар Курдистон ишчи партияси ва “Исломий давлат” жангарилари томонидан ўтказилгани айтилган.