Туркия бош вазири "Исломий давлат" ва курд жангариларига ҳаво ҳужуми уюштиришни ёқлаб чиқди

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли

Туркия Бош вазири Аҳмад Довутўғли “Исломий давлат” гуруҳи ҳамда Курд жангариларининг Суриядаги истеҳкомларига ҳаводан зарба бериш минтақадаги “вазиятни ўзгартириши” мумкин, дея баён қилди.

Довутўғли бу фикрни 27 июль куни йирик газеталар муҳаррирлари билан учрашувда илгари сурди. “Ўз кучини самарали ишлата оладиган Туркиянинг ҳозирлиги Сурия, Ироқ ва бутун минтақада вазиятни ўзгартира оладиган оқибатларга олиб келиши мумкин”, деди Довутўғли.

Ҳуррият газетаси бош вазирнинг бошқа давлатлар “ўз позицияларини баҳолаб..., тегишли тарзда кўриб чиқишлари лозим”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Довутўғли Туркиянинг Сурияга қўшинларни киритиш режалари йўқ, дея таъкидлади. Туркия, деди у, Қўшма Штатлар билан Сурияда “Исломий давлат”га қарши курашаётган мўътадил исёнчи гуруҳларга ҳаводан ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олди.

26 июль куни Туркия ҳаво кучларига қарашли жанговар учқичлар курд жангариларининг шимолий Ироқдаги истеҳкомларини нишонга олди.

Ундан аввалроқ курд жангарилари мамлакат жанубидаги Диёрбакир шаҳрида икки турк аскарини ўлдирган эди.