Озарбайжонлик ҳуқуқ фаоллари Лейла ва Ориф Юнус устидан суд бошланди

Лейла Юнус

Бокуда озарбайжонлик ҳуқуқ фаоллари Лейла ва Ориф Юнус устидан суд бошланди. Фаолларга қўйилаётган айблов кўпчилик тарафидан сиёсий, дея баҳоланмоқда.

27 июль куни бошланган маҳкамага фақатгина ҳукуматни ёқлайдиган АПА хабар агентлиги ва virtualaz.org нашри журналистлари киритилди. Бошқа журналистлар ҳамда хориж дипломатик ваколатхоналар вакиллари суд залидан чиқариб юборилди.

59 ёшли Лейла Юнус ва унинг 60 ёшли турмуш ўртоғи Ориф Юнус Озарбайжон ҳукуматини танқид қилгани учун қамоққа ташланган фаоллар ва журналистлар орасидадир. Ҳуқуқ фаоллари президент Илҳом Алиевни ўзгача фикрловчилар овозини ўчиришга ҳаракат қилаётганликда айблаб келади.

Суд қилинаётган эр-хотин Юнуслар давлатга ҳиёнат, фирибгарлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, солиқдан бўйин товлаш ва ноқонуний тадбиркорликда айбланмоқда.

Лейла Юнус Бокуда Тинчлик ва демократия институти ташкилоти асосчиси ва раҳбаридир. У ўз фаолияти учун халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Юнус йиллардан бери арманистонлик ҳуқуқ фаоллари билан миллатлараро тотувлик масаласидаги лойиҳаларни амалга ошириб келган.

Ориф Юнус таниқли тарихчи бўлиб, Кавказ минтақасидаги можароларни тадқиқ қилиш билан шуғулланган. Унинг илмий изланишлари асосан Тоғли Қорабоғдаги можарони ўрганишга қаратилган.