Ироқлик курдлар Анқарани курд исёнчилари билан ярашишга чақирмоқда

Туркия учоқларининг Ироқ шимолидаги радикал курд лагерлари бўйлаб бераётган ҳаво зарбаларидан азият чекаётган Ироқ Курдистони вакиллари ҳар икки томонни ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Ироқ Курдистонининг ташқи алоқалар бўйича мутасаддиси Фалаҳ Мустафо 31 июль куни Вашингтонга қилган сафари чоғида расмий Анқара билан сулҳни истамаётган Курд ишчи партиясини танқид қилди. Айни пайтда у Туркиянинг курд лагерларини бомбабўрон қилиши ҳам бунга лойиқ жавоб эмаслигини таъкидлади.

“Биз бу каби муаммоларни ҳарбий йўл билан ҳал қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Бундай пайтда энг яхши йўл тинч музокаралардир”, деди Фалаҳ Мустафо.

Турк учоқлари бераётган ҳаво зарбалари Ироқ Курдистонига салбий таъсир қилаётганини айтган Мустафо бу ердан тинч аҳоли вакиллари кўчирилганини, улар орасида ярадорлар борлигини қайд этди.