ХВЖ Украинада ислоҳотлар ўтказиш учун $1,7 млрд кредит ажратди

Украинада россияпараст айирмачилар билан уруш кетаётгани ва ташқи қарзни узиш бўйича ноаниқликлар бўлишига қарамасдан, Халқаро валюта жамғармаси бу мамлакатга зудлик билан 1 миллиард 700 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишга қарор қилди.

Халқаро валюта жамғармасининг Ижроия кенгаши 31 июль кунги қарорини Украинада иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда Киев ҳукуматига ёрдам бериш истаги билан изоҳлади.

Украина Молия вазирлиги расмийларига кўра, Халқаро валюта жамғармаси томонидан бериладиган қарзнинг бу иккинчи транши иқтисодиётдаги ўсишни жадаллаштиради ҳамда мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам молия бозорини осойишталаштиради. Айни пайтда айрим мутахассислар Украина шарқидаги саноат объектлари айирмачилар назорати остида қолаётган бир шароитда иқтисодиётда ўсиш бўлишига шубҳа билан қарамоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро валюта жамғармаси Украинага 5 миллиард долларлик биринчи ёрдам траншини шу йил март ойида берганди.