Курд мухторияти президенти жангариларни Ироқ шимолини тарк этишгга чақирди

Маъсуд Барзоний.

Ироқдаги Курд мухторияти президенти Маъсуд Барзоний Туркия ҳарбий ҳаво кучларининг навбатдаги ҳужумларининг олдини олиш мақсадида Курдистон ишчи партияси жангариларини Ироқни тарк этишга чақирди.

Барзоний 1 август куни турк авиациясининг навбатдаги ҳужуми оқибатида Ироқдаги Курд мухториятига қарашли Заркел қишлоғида камида олти одам ҳалок бўлганидан сўнг мана шундай баёнот берди.

Туркия ҳарбий ҳаво кучлари Курдистон ишчи партиясининг Ироқдаги манзилларини 26 июлдан бошлаб бомбардимон қила бошлаган эди. Туркия мазкур партияни террорчи гуруҳ сифатида эълон қилган. Анқара курд жангариларини турк ҳарбийлари ва полициячиларини ўлдирганликда айбламоқда.

Мазкур ҳужумлардан сўнг Курд ишчи партияси Анқара билан ярашув битимига эришиш бўйича 2013 йилда бошланган музокараларни давом эттириш бундан буён мантиқсиз бўлиши ҳақида баёнот тарқатди.