Жамилев: Украина Мудофаа вазирлиги қошида мусулмон батальони тузилади

Мустафо Жамилев Анқарада ўтган Жаҳон қрим-татарлари конгрессида нутқ сўзламоқда, 2015 йилнинг 1 августи.

Украина президентининг қрим-татар халқи масалалари бўйича вакили, халқ депутати Мустафо Жамилев расмий Киев Украина Қуролли кучлари сафида мусулмонлардан иборат батальон тузиш ҳақида қарор қабул қилинганини билдирди.

Жамилевга кўра, Украина Мудофаа вазирлигига бўйсунган бу батальонни Қримга чегарадош бўлган Херсон вилоятида жойлаштириш режаси бор.

1-2 август кунлари Туркия пойтахти Анқарада бўлиб ўтган Жаҳон қрим-татарлари конгрессида сўзга чиққан Жамилев мазкур батальонда қрим-татарлардан ташқари “Украина мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоялашга қаратилган бу ишга кўплаб чеченлар, ингушлар, озарбайжонлар, ўзбеклар ва бошқа миллат вакиллари ҳисса қўшиш ниятини билдирганлари”ни таъкидлади.

Ташкилотчиларга кўра, анжуманни Қримда ўтказишга у ерда қрим-татар фаолларининг Россия махсус хизматлари томонидан таъқиб қилинаётгани тўсқинлик қилган.

Қрим яримороли 2014 йил март ойида Россия томонидан аннексия қилинганидан сўнг у ерга қрим-татар халқи лидерлари Мустафо Жамилев ва Рефат Чубаровнинг кириши тақиқлаб қўйилганди.

Қрим-татар халқининг 200 дан ортиқ вакили қатнашган Анқара форуми ўз якуний декларациясида яриморол Украинага “зудлик билан қайтарилиши лозим”лигини қайд этган.