Нагасакида атом бомба ташлангани 70 йиллигига хотира маросими ўтказилди

Бомбаланган Нагасаки, 1945 йил августи.

9 август куни Япониянинг Нагасаки шаҳрида бу шаҳарга атом бомбаси ташланганининг 70 йиллиги муносабати билан хотира маросими бўлиб ўтди. Унда бўмбабўрондан омон қолган кишилар, хорижлик меҳмонлар ва бошқалар қатнашди.

АҚШ учоқлари атом бомбаси ташлаган 11:02 да маросим иштирокчилари 1 дақиқа сукут сақладилар.

Нагасакига ташланган ва 70 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган атом бомбаси Иккинчи жаҳон урушида Япониянинг таслим бўлишига олиб келганди.

Нагасаки бўмбабўронидан уч кун аввал Хиросимага ташланган бомба 140 минг кишининг ёстиғини қуритганди.

Нагасакидаги маросимда нутқи ўқиб эшиттирилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун жаҳон аҳлини ядровий қуролдан воз кечишга чақирган.

“Мен бутун жаҳон бўйлаб янграётган “Нагасаки бошқа такрорланмасин, Хиросима бошқа такрорланмасин” сингари чақириқларга чин дилдан қўшиламан”, дейилади Бан Ки Муннинг Қуролсизланиш бўйича БМТ мулозими Ким Вон Су томонидан ўқиб берилган мактубида.