Донбассда яна шиддатли жанглар бормоқда

Украина ҳарбий қўмондонлиги тарқатган маълумотга кўра, Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида Донецк вилоятида бўлиб ўтган сўнгги тўқнашув чоғида украиналик бир ҳарбий ҳалок бўлган, 9 нафари яраланган.

Украина Қуролли кучлари бош штаби вакили Владислав Селезнев ҳукумат кучлари Донецк ва Мариуполь ўртасида жойлашган Староигнатьевка қишлоғи устидан назоратни сақлаб қолишга муваффақ бўлганини айтди. Мариуполь Киев кучлари назоратидаги ҳудудни айирмачилар назорат қилаётган шарқий Украина ва 2014 йил мартида Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли билан туташтирувчи асосий нуқта бўлиб ҳисобланади.

Украина президенти матбуот котиби Андрей Лисенко тунда тақрибан 400 нафар айирмачи 10 та танк ва 10 та БТР дастагида Киев қўшинлари позициясига ҳужум уюштирганини, бироқ сезиларли талафот билан чекинганини билдирди.

Айни пайтда ўзини Донецк халқ республикаси деб атовчи тузилманинг феълан мудофаа вазири ҳисобланган Эдуард Басурин ўзи бошчилигидаги кучлар аввал зикр этилмиш ҳудудда Украина кучлари ҳужумини қайтариб қолганини иддао қилди. Басуринга кўра, ҳарбийлар иккита танк, бир бронетранспортёр ва ракета олиб кетаётган юк машинасидан айрилганлар.

Украина шарқида ҳарбий тўқнашувлар бошланган 2014 йил апрелидан буён бу ерда 6400 дан зиёд одам ҳалок бўлган. Шу йилнинг февраль ойида Минскда томонлар шарқий Украинада ўт очишни тўхтатишга келишиб олгандилар, бироқ ўтган ярим йил ичида бу битим кўп марта бузилганини кузатиш мумкин.