Ироқдаги икки портлашда камида 40 киши нобуд бўлди

10 августдаги портлашлар учун масъулиятни "Исломий давлат" гуруҳи зиммасига олди.

Ироқ шарқида 10 август куни содир бўлган икки портлашда камида 40 киши нобуд бўлди.

Талафотли портлашдан бири пойтахт Бағдоддан 60 чақирим наридаги Дияла вилоят маркази ҳисобланмиш Бақуба шаҳри яқинида содир этилди. Ассошиэйтед Пресс агентлигининг полиция маъмурлари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, бомбали автомобил воситасида амалга оширилмиш худкуш ҳужумда камида 35 киши ўлган, 72 киши тан жароҳати олган.

Ироқ шарқидаги Канъон қишлоғида содир этилмиш иккинчи худкуш ҳужумда эса 7 киши ҳалок бўлган, ўнлаб одам яраланган.

Мазкур ҳужумлар учун масъулиятни “Исломий давлат” гуруҳи ўз зиммасига олди. Интернет орқали тарқатилган баёнотда жангарилар ўз ҳужумлари ҳадафи “муртадлар” бўлганини айтганлар. Бу ифода остида гуруҳ жангарилари кўпроқ шиаликка мансуб кишиларни назар тутадилар.

“Исломий давлат” гуруҳи яқинда пойтахт Бағдод ва бошқа вилоятларда амалга оширган қатор портлашларда 100 дан зиёд одам нобуд бўлгани айтилмоқда.