Москвада православ фаоллар кўргазма залидаги бир неча ҳайкални бузиб ташлади

“Божья воля” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Дмитрий Цорионов (чапда).

Москвада Дмитрий Цорионов бошчилигидаги православ фаоллар Манеж марказидаги кўргазмага қўйилган бир неча ҳайкални ерпарчин қилишди.

Улар ўтган асрнинг 60-70 йилларида ҳайкалтарош Вадим Сидур томонидан ясалган ҳайкаллар диндорларнинг ҳис-туйғуларини таҳқирлайди, деган қарорга келганлар.

Кўргазма матбуот котиби Елена Карнеевага кўра, жума оқшомида икки киши кўргазма залида тўрт ҳайкалга шикаст етказганлар. Улар асосан Исо Масиҳнинг чормих қилинишига оид ишларни ҳадаф олгани айтилмоқда.

“Божья воля”, яъни “Худонинг иродаси” номли жамоатчилик ташкилоти раҳбари бўлган Дмитрий Цорионов ҳайкалтарош Сидур асарларини “шаккоклик” деб таърифлаган ва бу асарларда Исо Масиҳ “беадабона йўсинда” тасвирлаганини иддао қилган.

Москва полицияси мазкур ҳодиса юзасидан текширув бошлаган.

Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Михаил Федотов кўргазма залидаги ғорат амалиёти жиноят иши очиш учун етарли сабаб, деб ҳисоблайди.

Федотов фикрича, “Исломий давлат” радикал гуруҳидаги “варварларга таассуб қилиш керак эмас”.