Ўртаер денгизида Европага кетаётган 40 чоғли муҳожир ҳалок бўлди

Ўртаер денгизида Ливиядан Италияга йўл олган кема ҳалокати туфайли камида 40 муҳожир нобуд бўлди.

Италия ҳарбий-денгиз кучлари маълумотига кўра, воқеа Ливия соҳилидан 21 чақирим нарида содир бўлган.

Айтилишича, 400 чоғли муҳожир кетаётган кемада трюмда бўлган қирққа яқин киши юқорига чиқолмагани туфайли бўғилиб ўлган.

Аввалроқ Европа Иттифоқи расмийлари Европа Иккинчи жаҳон урушидан буён қочқинларнинг энг катта оқимига дуч келаётгани ҳақида билдиргандилар.

Хабарларда 2015 йил бошидан буён Италияга денгиз йўли орқали 100 мингдан зиёд муҳожир кириб келгани айтилмоқда.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, Ливиядан Италияга қайиқларда йўлга чиққан 2 минг чоғли киши йўлда нобуд бўлган.