Сурия: Думадаги ҳаво ҳужумида ўлганларнинг сони 100дан ошди

Сурия ҳукумати ҳаво кучларининг Дума шаҳрида амалга оширган ҳужуми натижасида ҳалок бўлганларнинг сони 100дан ошди.

17 август куни БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Валери Амос воқеа юзасидан хавотир билдириб, Суриядаги тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди.

Президент Башар Ассад кучлари тарафидан якшанба куни Дамашқ яқинидаги Дума шаҳрида уюштирилган ҳаво зарбалари мамлакатда тўрт йилдан бери давом этаётган фуқаровий урушдаги энг қонли ҳужум экани айтилмоқда.

Сурия мухолифатидаги Миллий коалиция етакчиси Халед Хўжа 16 август кунги ҳаво ҳужумини “қатлиом” деб атади.

Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ташкилоти ҳужумда камида 250 киши жароҳат олганини билдирди.

Ташкилот тарқатган маълумотда ҳукумат кучлари Думадаги гавжум бозор яқинида жами 10та ҳужум уюштиргани ва ўлганларнинг аксари тинч аҳоли вакиллари экани айтилади.