Путин қримтатарларни алоҳида мавқега умид қилмасликка чақирди

Россия Президенти Владимир Путин ўтган йили Украинадан тортиб олинган Қрим яриморолида миллий озчиликни ташкил қилувчи қримтатарларни алоҳида мавқега эришиш уринишларидан огоҳлантирди.

Қримтатарлар минтақа аҳолисининг 10 фоизидан ортиқроғини ташкил этади. Улар собиқ совет диктатори Иосиф Сталин давридаги оммавий депортация хотиралари туфайли Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинганига қарши чиқиб келади.

Ўтган йилги аннексия ортидан қримтатарлар янги ҳукумат тарафидан босимларга учраб келмоқда.

Путин Қримга қилган уч кунлик сафари давомида 17 август куни турли миллий озчилик вакиллари билан учрашди. “Миллатлараро муносабатлар жуда нозик масаладир. Алоҳида бир этник гуруҳ аъзоларига мухсус ҳуқуқларни бериш тўғрисидаги масалани кўтариш ўта хавфли, деб ҳисоблайман”, деди Путин учрашув давомида.

Путин қримтатарлар юз тутаётган муаммоларни бўрттириш орқали “вазиятни беқарорлаштириш”га уринаётган ҳуқуқ фаоллари ортида хорижий мамлакатлар турганини иддао қилди.