Галина Старовойтова қотиллигини уюштирган собиқ депутат 17 йилга қамалди

Михаил Глушченко суд залида. Санкт Петербург. 28 август 2015 йил

Россия Давлат думасининг собиқ депутати Михаил Глушченко 1998 йилда депутат Галина Старовойтова қотиллигини уюштирганликда айбдор деб топилиб, 17 йилга қамоққа ҳукм этилди. Глушченко устидан ҳукм 28 август куни Санкт Петербург шаҳар судида уқилди.

Глушченкога қарши айблов 2013 йилда илгари сурилган эди. 2015 йилнинг март ойида у терговчилар билан битимга рози бўлиб, Старовойтовани ўлдириш буюртмасини тадбиркор Владимир Барсуков берганини иддао қилди. Унинг айтишича, бунга Старовойтова тадбиркорнинг Санкт Петербург шаҳар ҳокимиятидаги порахўр амалдорлар билан алоқаларини фош этгани сабаб бўлган.

Демократик Россия партияси ҳамраисаси, ислоҳотчи Галина Старовойтова 1998 йил 20 ноябрь куни Санкт Петербургдаги уйи йўлагида отиб ўлдирилган эди.

2005 йилда Санкт Петербург суди қотилликни амалга оширганликда айбланган икки кишини 20 ва 23,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Барсуков бир неча йил аввал Старовойтованинг қотиллигига алоқадор бўлмаган бошқа айбловлар билан қамалган, лекин кейинчалик қамоқдан озод этилган.