Қримда йўқолган қрим татар фаолларининг жасадлари топилди

Қрим ярим ороли харитаси.

Шанба куни 21 августда бедарак кетган уч нафар қрим татар миллатига мансуб шахслардан иккиси - Мемет Селимов ва Ўсман Ибрагимовнинг жасадлари топилди.

Қрим татар халқи мажлиси раисининг ўринбосари Наримон Желаловнинг билдиришича, қрим татарларнинг жасадлари Симферополь яқинидаги Богдановка қишлоғидан топилган. Уларнинг танасида пичоқ излари бўлган.

Желаловнинг “Фейсбук” саҳифасида ёзишича, қотилларнинг шахси аниқланган, улар қидирувга берилган. Тергов эса қрим татарларнинг ўлдирилишини маиший жанжал ортидан содир этилган қотиллик сифатида баҳоламоқда.

Қрим 2014 йил мартида Россия томонидан аннекция қилинганидан сўнг бир қатор қрим татар фаоллари бедарак кетган эди. Мазкур ҳолатлар бўйича қотиллик, одам ўғирлаш моддалари бўйича жиноят ишлари очилган. Бироқ шу кунгача йўқолган фаоллар топилган эмас.