АҚШ президенти Покистон бош вазирини Вашингтонга таклиф қилди

АҚШ президенти Барак Обама Покистон бош вазири Навоз Шарифни октябрь ойида Оқ уйга таклиф қилди. Бу ҳақда Обаманинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича ёрдамчиси Сюзан Райс Твиттердаги ўз саҳифасида маълум қилди.

Райс хоним АҚШ президентининг таклифини Покистон бош вазирига якшанба куни Исломободга ташрифи чоғида етказган. Навоз Шариф ва Сюзан Райс учрашуви чоғида АҚШ ва Покистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, Афғонистон расмийлари ва Толибон ўртасидаги музокараларни тиклаш масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда.

Расмий Кобул ва Толибон ўртасидаги музокаралар ҳаракат лидери мулла Муҳаммад Умар вафотига оид маълумотлар эълон қилиниши ортидан тўхтаб қолганди.

Хабарларга кўра, кечаги учрашувда Навоз Шариф ва Сюзан Райс Афғонистон ва минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун янада тиғизроқ ҳамкорлик қилишга эҳтиёж туғилганини таъкидлаганлар.