"Шарқ тароналари" бош соврини Хитойдан келган орекстрга берилди

"Шарқ тароналари" фестивали репетицияларидан бири пайтида олинган сурат.

Самарқандда ўтказилган “Шарқ тароналари” X халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини Хитойдан келган аёллар оркестрига топширилди.

“Шарқ тароналари” ғолибларини тақдирлаш маросими 30 август куни бўлиб ўтган. Хитойнинг Jangsu Women's Orchestra гуруҳи фестивалнинг асосий талабларига жавоб бера оладиган даражада бўлгани учун бош совринга лойиқ топилган.

Биринчи ўрин Япониянинг Shamisen гуруҳига, иккинчи ўрин эстониялик машшоқ Сепп Силверга ва Польшанинг Chelm гуруҳига, учинчи ўрин Коста Риканинг Quelite гуруҳига берилди.

Жорий йилда 25 августдан 30 августгача ўтказилган “Шарқ тароналари” фестивалида 66 давлатдан келган санъаткорлар иштирок этган.

Фестивал 1997 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта Самарқанднинг Регистон майдонида ўтказиб келинади. Санъатшунос ва меъморлар “Шарқ тароналари” фестивали Регистон майдонида ўтказилишига эътироз билдириб келадилар. Мутахасисларга кўра, олти юз йиллик тарихга эга Регистон майдонига ўрнатилган овоз кучайтиргичлар тарихий биноларга салбий таъсир кўрсатади.