Пекинда ўтказилган парадда 12 минг қўшин иштирок этди

Хитойнинг Халқ Озодлик армияси 2,3 миллионлик қўшини билан дунёда энг йирик армия ҳисобланади.

Хитой Иккинчи жаҳон урушида Япония устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан Пекиннинг Тяньанмэнь майдонида ҳарбий парад ўтказди.

3 сентябрь куни Хитой ҳукумати мулозимлари ва хорижий етакчилар, жумладан Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, Россия Президенти Владимир Путин иштирок этган парадда нутқ сўзлаган президент Си Цзиньпин Хитой ҳеч қачон дунёда “гегемонлик мақомига эришиш ёки экспансия” йўлидан бормайди, дея баён қилди.

Си шунингдек, Халқ Озодлик армияси 300 минг кишига қисқартирилишини эълон қилди, лекин бу қайси муддатда амалга оширилишини аниқлаштирмади.

Хитойнинг Халқ Озодлик армияси 2,3 миллионлик қўшини билан дунёда энг йирик армия ҳисобланади. Хитойнинг ҳарбий бюджети ҳам АҚШдан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Ҳарбий парадда иштирок этган 12 мингдан ошиқ қўшин 200 учқич ҳамда танк ва ракета мосламаларини намойиш қилди. Хитой расмийлари намойиш қилинган техника мамлакат ҳарбийларининг энг замонавий технологиялари намунасидир, демоқда.

Пекиндаги парадга Хитойнинг ҳарбий салоҳияти ошаётганидан хавотир билдираётган Япония, АҚШ ва Ғарбнинг бошқа мамлакатлари етакчилари келмади. Бу хавотирларга Пекиннинг Жанубий Хитой денгизи ва бошқа минтақалардаги ҳудудий баҳслар борасида агрессив ҳаракатлари ҳам ҳисса қўшмоқда.