Қрим татар лидерлари украинларни "озиқ-овқат қамали"да иштирок этишга чақирди

Қрим татар лидерлари Ленур Ислямов, Рефат Чубаров ва Мустафо Жемилев Киевдаги матбуот анжуманида.

Қрим татар лидерлари Украина ватанпарварларини 20 сентябрдан бошланиши режалаштирилган “Қрим озиқ-овқат қамали” тадбирида иштирок этишга чақирди.

Қрим татар халқи Мажлиси раиси Рефат Чубаров кеча Киевда ўтказилган матбуот анжуманида Украина томонидан Қримга етказилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари Россия ҳарбий гарнизонларига келиб тушаётгани ҳақида маълумот берди.

Украина президентининг қрим татар халқи масаласи бўйича вакили Мустафо Жемилев эса Украина томонидан Қримга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг 80 фоизи Россияга олиб кетилаётганини билдирди.

“Қримда ватандошларимизни камситаётган бандитларнинг қорнини тўйғазиш керак эмас”, деди Мустафо Жемилев ўз чиқишида.

Россия 2014 йилнинг мартида Қримни аннекция қилган эди. Шундан сўнг Украина Қримни Россия томонидан вақтинча босиб олинган ҳудуд сифатида эълон қилган.